Жаҳон эътиборидаги маданий мерос
Жаҳон эътиборидаги маданий мерос

Пойтахтимиздаги "Ёшлар ижод саройи"да Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги бошланди.
Мазкур йирик ижодий лойиҳанинг илк дебочаси сифатида "Ўзбекистон маданий мероси – ЯНГИ Ренессанс пойдевори" мавзусидаги IV Халқаро конгресс ташкил этилди.
Ушбу йирик анжуманга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус вакиллари, ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Юртимиз буюк тарихга, буюк аллома бобокалонларимиз қолдирган бебаҳо меросга эга. Айни жиҳатлар бугунги кунда ҳам халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда.
Машҳур шарқшунос олимлар, диёримиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, илмий-маданий юксалишнинг қудратли жараёнлари наинки юртимиз, балки жаҳон цивилизациясида ўз ўрнига эга. Давлатимиз раҳбари ташаббус билан Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга оид амалий саъй-ҳаракатларда миллий маданиятимиз ва санъатимизни равнақ топтириш, илм-фанга эътиборни кучайтириш, боболаримизнинг меросини ўрганиш алоҳида ўрин эгаллайди.
Конгрессда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш, оммалаштириш бўйича 2025 йилгача амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш хусусида атрофлича сўз юритилди. Шу билан бирга, юртимиз музей ва кутубхоналарига "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси китоб-альбомлари ва нодир қўлёзмаларининг факсимилелари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Юртимиз маданий-тарихий меросига бағишланган тақдимот ва маърузалар билан бирга, "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги 35 та ноёб китоб-альбомнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Жаҳоннинг етакчи давлатлари кутубхона ва музейларида сақланаётган ушбу китобларда миллий санъатимизнинг ўзига хослиги акс эттирилган. Улар орасида бир қатор жилдлар мамлакатимиз музейлари, қўлёзма фондларида сақланаётган ноёб асарларга бағишланган.
Конгрессда "Ўзбекистон маданий мероси: тамаддунлар ва ренессансларнинг ўзаро таъсири", "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳасининг пандемия шароитидаги фаолияти", "ЯНГИ Ренессанс: тарих сабоқлари ва замонавий талаблар" каби мавзуидаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
УзА




