“Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар” беш жилдли китоб тақдимоти
“Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар” беш жилдли китоб тақдимоти

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида шарқшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев томонидан тайёрланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар” номли беш жилдлик китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур муҳташам мажмуа Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижоди ҳақидаги қомусий, илмий, илмий-оммабоп мақолалар тўпламидан иборат бўлиб, жаҳон бобуршунослиги илмида тўпланган бебаҳо маънавий хазинани ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир.
Ҳозирда жаҳонда Бобур ва бобурийлар ҳақидаги катта-кичик илмий асарлар 20 мингдан ошади. Жаҳонгир шоир ижодига оид ўттиздан ортиқ роман, юзлаб диссертациялар яратилган. Қайсидир маънода бу илмий-маърифий ишларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса ёшларга етказиш Бобур ва бобурийлар сулоласининг тарихи, ғоялари, дунё цивилизацияси ривожидаги ўрнини тушунтиришда ғоят муҳим.
Тузувчи-муаллиф Шокирхон Рустамхўжаев Бобур ва бобурийлар сулоласига бўлган иштиёқи сабабли ушбу буюк сулола вакиллари, уларнинг ижоди, фаолияти, сулоланинг тузум ва удумлари, сиёсати, ҳарбий ҳаракатлари, бунёд этган шаҳар ва меъморий обидалари, боғлар, оилавий муносабатлар акс эттирилган маълумотларни ўзбек, туркман, ҳинд, инглиз, немис, француз, урду, форс, рус, татар, беларусь, украин, озарбайжон, турк, тожик, араб ва бошқа тиллардаги қомус, тўплам, альбом, журнал, китоб, газета материалларидан синчиклаб ўрганиб, беш жилдлик китоб ҳолига келтирган. Беш жилдлик бу китоб адабиётшунослик, бобуршунослик ривожига муносиб ҳиссадир.




