Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

ipyaiyiyvi.jpg 

     Ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан бири, шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур 483 йили 14 февралда Андижон шаҳрида, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо ва асли чингизийлардан бўлган малика Қутлуғ Нигор Хоним оиласида дунёга келади.

     “Бобур” сўзи форсий тилидан “бабр”, яъни “барс”,“йўлбарс” деган маънони билдиради. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо Соҳибқирон Амир Темур авлодидан. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзонинг эвараси бўлган. Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор-Хоним мўғул хонларидан бири Юнусхоннинг қизи бўлган.

     Барча шаҳзодалар сингари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таълим ва тарбияни отасининг саройида олади. Бироқ отадан жуда эрта етим қолади. 1494 йили Умаршайх Мирзо бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. 12 ёшида Бобур отасининг ўрнига тахтга ўтиришга мажбур бўлди. У ҳукмдор бўлган дастлабки йилларда Темурий шаҳзодалар ўртасида тожу тахт учун аёвсиз кураш авж олади. Ёш Заҳириддин Андижон тахти учун амакиси Султон Аҳмад Мирзо ҳамда укаси Жаҳонгир Мирзо билан курашишига тўғри келади. Бобур укаси билан муросага келишга ҳаракат қилади Жаҳонгир Мирзога Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини топширади. Ўзи эса Самарқанд учун бўлаётган курашларга киришади.

     Курашлар ҳеч қандай натижа бермайди, унда катта ҳарбий кучга эга бўлган Шайбонийхоннинг қўли баланд келади. Бобур Самарқандни ташлаб кетади. Бироқ Шайбонийхон 1504 йили Андижонни ҳам қўлга киритади ва Бобур жануб томон бош олиб кетишга мажбур бўлади. Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатади. 1505-1515 йиллар давомида у Марказий Осиёга қайтишга ҳаракат қилади, бироқ бу уринишларидан ҳам ҳеч нарса чиқмайди.

     Бобур ўз мавқеини тиклаш мақсадида 1519-1525 йилларда Ҳиндистон учун бир неча бор жанглар олиб боради. 1526 йил Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўди билан жанг қилади. 1527 йили эса Читора ҳокими Рано Санго билан курашади. Икки курашда ҳам Бобурнинг қўли баланд келади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда ўз ҳокимиятига асос солади. Бобур асос солган сулола тарихда энг йирик сулолалардан бири бўлиб, унинг авлодлари 350 йилдан ортиқ Ҳиндистонга ҳукмронлик қилади.

     Бобур ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон гуллаб-яшнайди. Адабиёт, санъат, шаҳарсозлик ривожланади. Унинг ўғиллари ва авлодлари даврида Ҳиндистон қудратли мамлакатлардан бирига айланди. Бобурнинг авлодлари бобосининг бунёдкорлик ишларини муносиб давом эттиришади. Мамлакатда мукаммал маънавий-руҳий муҳит вужудга келади. Ҳиндистон тарихида Бобурнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Йирик ҳинд олими Жавоҳарлаъл Неру у ҳақида шундай дейди: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди”.

     Бобур ўзбеклар тарихида том маънода йирик шахс. Унинг тарихчи олим, зукко адиб ва дилбар шоир сифатида қолдирган адабий мероси бебаҳодир. Бобур ҳукмдорлик мажбуриятларидан ортиб йирик асарлар ёзишга муваффақ бўлган. Унинг лирикаси адабиётдаги ўзига хос лирика. Шубҳасиз, шеъриятининг асосий мавзуи Ватан, Ватан соғинчи бўлган. Тахт учун қондош ака-укаларнинг душман бўлиб курашиши, атрофдаги инсонларнинг хиёнати, ватанини бирлаштиролмаганидан сўнг тортган азоблари ва ниҳоят умрининг сўнггигача Ватан соғинчи унинг шеъриятига кўчган десак муболаға бўлмайди. Бу мавзулар Бобур ғазаллари, рубоийларида кенг ёритилган.

     Унинг “Аруз ҳақида рисола” илмий асари Шарқ тилшунослигида катта аҳамиятга эга. Асарда шоир нутқдаги урғули ва урғусиз, узун ва қисқа бўғинлар тизими назариясини бойитган, унинг тасниф ва турларини ривожлантирган. Ўз қарашларини араб, форс тожик ва турк шеърияти манбалари билан асослаб берган. Шу билан у Алишер Навоий анъаналарини муносиб давом эттиради. Халқ шеъриятига эътибор беради. Баъзи асарларида халқ қўшиқ санъати ҳақида қимматли маълумотлар беради.

     Булардан сўнг Бобур узоқ яшамади: 1530 йили Аграда 47 ёшида вафот этади.