“Жадидлар– янги ҳаёт куйчилари”

“Жадидлар– янги ҳаёт куйчилари”

 

 pnovaorvaor.jpg

“Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши фаоллари ҳудудларда бўлиб, “Жадидлар– янги ҳаёт куйчилари” мавзусига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этмоқда.

Бойсун туманида бўлиб ўтган ана шу мавзудаги тадбирда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиши, ҳаракатнинг мақсадлари, орзу-интилиш ҳамда жасоратлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жадид боболаримизнинг ҳозирги ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларнинг ҳаётини чуқур ўрганишнинг Ватанга муҳаббат, илм-фан ва адабиётга қизиқишни оширишдаги ўрни тўғрисида сўз юритилди.

 Тараққийпарвар жадид боболаримиз сафида етук олимлар, саноат ва зироатчилик соҳасининг замонавий билимдон мутахассислари, маданият арбоблари бўлган. Улар юртни обод ва ўз Ватанларини мустақил кўришни орзу қилиб, шу йўлда курашди. Халқни асрий қолоқликдан уйғотишга, сиёсий-маърифий билимларини оширишга интилди. Янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш, қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш, турли маърифий жамиятлар ва театр труппалари тузиш, газета-журналлар чоп этиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтириш каби ғояларни илгари сурди.

Тадбирда мамлакатимизда жадидчилик тарихини ўрганишга қаратилаётган эътибор, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шукурий (Шакурий), Ажзий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Мажид Қори Қодирий, Убайдуллахўжа каби тараққийпарвар аждодларимизнинг жаҳолатга қарши курашиш, миллат шаънини ҳимоя қилиш сингари орзу-интилишлари хусусида ҳам фикр алмашилди.