«Жадид куллиёти»

«Жадид куллиёти»

 

 vaoreoaego.jpg

 

«Zabarjad Media» нашриёти 2023 йил октябрида 1910−1920 йилларда — жадидлар даврида эски ўзбек алифбосида чоп этилган ва бир асрдан бери табдилини кутиб ётган саккиз тўпламни «Жадид куллиёти» туркумида лотин ёзувида чоп этди.

Ушбу шеърий тўплам «Садойи Туркистон» саҳифаларида эълон қилинган материаллар асосида, баёз шаклида тартибланган бўлиб, тараққийпарвар жадидларнинг миллат руҳини янгилаш, маърифатли қилиш ғояларини акс эттириши билан янги ўзбек шеъриятига йўл очган. Баёздан Васлий, Сўфизода, Авлоний, Хислат, Тавалло, Ажзий, Холид Саид, Мискин, Ҳамза, Лайлихоним, Афандихон каби ижодкорларнинг ғазал, мухаммас ва мусаддаслари жой олган. Шеърлар миллий мавзуга оид мавзуларда бўлиб, халқни ҳушёрликка ундовчи руҳда ёзилган. Улар халққа мурожаатдан иборат бўлиб, миллатни тараққиётга етакловчи, илм-у фанга эътибор орқали Туркистон халқини дунёда ўз ўрнини топишга ундов­чи руҳда берилган.

Жадид шеъриятининг биринчи босқичи 1905−1917 йиллар оралиғи деб белгилан. Бу босқич шеъриятда «тажриба босқичи» бўлган ва у ифоданинг тўпориликдан жозибадорликка ўтишига замин ҳозирлаган. Бу давр шеъриятини маърифий руҳдаги шеърлар баёзи дейиш мумкин. Унда «эркинлик», «тараққиёт», «маърифат» мавзулари асосий чизиқ бўлиб ўтган.

Жумладан, Авлонийнинг «Икки садо», «Биз нелар қиламиз?», «Жарида муҳибларина», «Шоир ила тўти», «Иффатли инсонлар», «Гапурманглар», «Садойи булбул», Ҳамзанинг «Аҳволимиз», «Жаҳлда қолганлармиз», Сўфизоданинг «Ўқунглар, она­лар!» каби шеърларида тараққийпарварлик даври шеъриятига хос шикоят, ҳасби ҳол, миллат ахлоқи масалалари акс этган.

Тўпламдан  ўрин олган шеърларда қўлланган поэ­тик образлар янгиланаётган ўзбек шеърияти асосий хусусиятларини ҳам кўрсатиб туради.