“Водийнома” – тарих кўзгуси

“Водийнома” – тарих кўзгуси

 

rayapryapr.jpg

 

     2016 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Водийнома” ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журнали ўтган вақт давомида юртимиз тарихини кенг ёритиб келаётган илмий-оммабоп нашрлардан бирига айланди.

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раёсати қарори билан тарих фанлари бўйича илмий журналлар рўйхатига киритилган мазкур нашрда юртимиз тарихининг Чор Россияси, қизил империя ҳукмронлиги даврлари ҳақида, айниқса, қатағон қурбонлари даврига оид ҳали кенг жамоатчиликка эълон қилинмаган жуда кўп маълумотлар, қизиқарли мақолалар чоп этиб келинаётганлиги эътиборга молик.

     “Водийнома” юртимизда XIX аср охири ва XX аср бошларида олиб борилган миллий озодлик ҳаракатлари, инқилобий ўзгаришлар, жадидчилик ҳаракати, қатағон қурбонлари ҳақидаги тарихий ҳужжатларни кенг жамоатчиликка таништириш, илм-фанни ривожлантириш баробарида тарих кўзгусига айланган.

     Журналда  ўтган асрнинг 20-30- йилларидаги Андижондаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, жадидчилик ҳаракати, Акбар Ўрозалиев, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Турор Рисқулов, Мирали Умарбоев, Усмонбек Тўхтабеков, Латифжон Содиқбеков, Султонбек Тўхтабеков, Санжарбек Асфандиёров, Султонмасъуд Холботиров, Султонмаҳмуд Холботиров, Шоҳрух Холботиров сингари ўнлаб жадидлар ҳаёти ва тақдири, улар устидан ўтказилган тергов жараёнлари ҳақидаги маълумотлар баён этилмоқда.