ВАШИНГТОНДА ЎЗБЕК МЕЪМОРЧИЛИГИГА ЭҲТИРОМ
ВАШИНГТОНДА ЎЗБЕК МЕЪМОРЧИЛИГИГА ЭҲТИРОМ

Бир пайтлар Амир Темур даврида Самарқандга дунёнинг турли мамлакатларидан элчилар келган, улар бу заминнинг маҳобатли меъморчилиги, бетакрор нақшлари ва юксак ҳунармандчилик анъаналарига гувоҳ бўлган эдилар. Бугун эса ана шу бой меъморий мероснинг давомчилари яратган миллий айвонлар Америка Қўшма Штатлари пойтахти — Вашингтонда қад ростламоқда.
Вашингтондаги тарихий West Potomac Park боғида ўрнатилган анъанавий ўзбек айвонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Президент Дональд Трамп ва Америка халқига совға қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов хабар берди.
Бу айвонлар шунчаки меъморий иншоот эмас. Уларда асрлар давомида сайқал топган ўзбек ёғоч ўймакорлиги, наққошлик санъати, устоз-шогирд анъаналари ва халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти мужассам. Тарихда Буюк ипак йўли орқали Самарқанд, Бухоро ва Хивадан турли мамлакатларга нафақат савдо моллари, балки илмий ғоялар, санъат ва меъморчилик анъаналари ҳам тарқалган. Бугун Вашингтондаги ўзбек айвонлари ана шу маданий мулоқотнинг замонавий ифодасига айланмоқда.
Эндиликда Америка пойтахтига ташриф буюрувчи сайёҳлар ўзбек миллий меъморчилиги билан яқиндан танишиш, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимиз эса миллий маданиятимизни ёдга солувчи масканда учрашиш имкониятига эга бўладилар. Бир замонлар дунё Самарқандга келиб, ўзбек меъморчилигига ҳайратланган бўлса, бугун ўзбек меъморчилиги дунёнинг сиёсий марказларидан бири Вашингтонга етиб борди.



