Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари тараққиётининг янги саҳифаси
Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари тараққиётининг янги саҳифаси

Президентининг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги муҳим воқеалардан бири сифатида алоҳида эътиборга лойиқ. Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталарини янги мазмун билан бойитиш, иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, шунингдек, Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари тенг ҳуқуқлилик, ишонч ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланади. Ўмон Султонлиги халқаро майдонда тинчликпарварлик, мувозанатли ташқи сиёсат ва конструктив мулоқот тарафдори сифатида эътироф этилган. Ўзбекистон эса сўнгги йилларда очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш орқали нафақат минтақада, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.
Икки мамлакат раҳбарларининг Масқат шаҳрида олий давлат мукофотлари билан тақдирланиши ҳам ўзаро алоқаларга берилаётган юксак сиёсий баҳо, халқларимиз ўртасидаги дўстликни ривожлантиришга бўлган қатъий интилишнинг ёрқин ифодасидир. Зеро, давлатлараро муносабатларда сиёсий ишонч алоҳида ўрин тутади. У нафақат дипломатик мулоқотларнинг барқарорлигини таъминлайди, балки узоқ муддатли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва йирик иқтисодий ташаббусларни илгари суриш учун ҳам қулай замин яратади. Бугун Ўзбекистон ва Ўмон муносабатларида айнан шундай янги босқич учун зарур сиёсий асос шакллангани алоҳида эътиборга молик.