Ўзбекистон – умумий уйимиз
Ўзбекистон – умумий уйимиз

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Миллатлараро дўстлик ва бирдамлик муносабатларини мустаҳкамлаш, барча миллатларнинг ўз қадриятларини сақлаб қолиши учун тенг шароитлар яратиб бериш, миллий маданий марказлар фаолиятини кучайтириш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш борасидаги хайрли ишлар янги босқичга кўтарилди.
Амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шунингдек, 143 та миллий-маданий марказ самарали фаолият юритмоқда. Республикамиздаги барча миллий маданий марказлар давлат миқёсидаги умумхалқ байрамлари, тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган «Ўзбекистон - умумий уйимиз», «Бизнинг кучимиз - бирлик ва ҳамжиҳатликда» каби фестиваллар миллатлараро дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.