Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси

29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза муҳокама қилиниб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари билан бир қаторда Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг муҳим вазифалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг назорат ҳамда норма ижодкорлиги бўйича фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудуд манфаатларига оид ҳамда аҳоли томонидан кўтарилаётган муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий вакиллик органлари депутатлари ва котибият ходимларининг малакасини доимий равишда ошириб бориш тизимини йўлга қўйишга оид вазифалар белгиланди.
Сенаторлар болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласини ҳам кўриб чиқишди.
Ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 14 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси якунланди.