Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси

 

  venopnoapsno.jpg

         2024 йил 9 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

         Сенаторлар “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқулладилар.

         Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб тегишли солиқларни муайян муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

         Шунингдек,

Фуқаролик кодексига ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

         “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” Дастури доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этган юридик шахсларга мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилиши кўзда тутилмоқда. Бунда солиқ имтиёзи миқдори, тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш ўринлари сонидан келиб чиқиб қуйидаги миқдорларда белгиланади:

         - 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;

         - 101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;

         - 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилганда эса – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.

         Корхона ишга қабул қилинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган иш ҳақини тўлаб, бандлигини таъминлаши керак.

         Фуқаролик кодексига ҳам кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

         Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик,  тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”,  “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунларни маъқулладилар.

         Ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам маъқулланди.