Ўзбекистон – Озарбайжон: Тарихий ҳужжат – абадий дўстлик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон – Озарбайжон: Тарихий ҳужжат – абадий дўстлик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкам пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси ҳамроҳлигида 23 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказ минтақаларининг геосиёсий ва геоиқтисодий тизимида Тошкент ва Боку ўртасидаги стратегик шериклик хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Олий даражадаги мунтазам, ишончли ва самимий мулоқотлар туфайли икки давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи, глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида илгари сураётган ташаббуслари бир-бирини ўзаро тўлдириб, юксак суръат касб этмоқда.
Олий мартабали меҳмон дастлаб рафиқаси билан биргаликда Янги Ўзбекистон боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Ҳайдар Алиев ёдгорлиги мажмуасига борди. Мазкур кўркам гўша Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига бағишлаб барпо этилган.
Олий мартабали меҳмон ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Респ
убликаси Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказдилар.
Озарбайжон Президенти юксак эътироф учун мамлакатимиз етакчиси ва халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзоладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига ташриф буюрдилар.
Бу ерда Озарбайжон етакчисига Янги Тошкент бош режаси, қурилиш ишларининг бориши, шаҳарнинг транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси ҳамда истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида тақдимот қилинди.
Давлат раҳбарлари кампусда яратилган ўқув ва илмий муҳит, ахборот-ресурс маркази ҳамда Низомий Ганжавий меросига бағишланган музей экспозицияси билан танишдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаб бердилар.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этмоқда.