ЎЗБЕКИСТОН – ЁШЛАР МАМЛАКАТИ

 

ЎЗБЕКИСТОН – ЁШЛАР МАМЛАКАТИ

fkepfkapvfay.jpg 

 

         Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

         Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати – 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эди. Зеро аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди.

          «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да ҳам бу масала алоҳида ўз аксини топди. Жумладан, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги устувор вазифалар белгиланди:

         биринчидан, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

         иккинчидан, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш;

         учинчидан, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш.

         Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 27 июнда имзоланган «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Фармон билан «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилди ва ушбу жамғарма ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериши белгилаб қўйилди. Ушбу ҳужжатга эътибор қаратилса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини комплекс ривожлантириш вазифалари аниқ ва тизимли белгиланганини кўриш мумкин.

         Ўз навбатида, Ўзбекистондаги барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айни вақтда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда.

         Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу боис Президентимиз Ўзбекистонда  2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилди.