“Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳокамасида иштирок этиш - фуқаролик бурчи
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳокамасида иштирок этиш - фуқаролик бурчи

Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, иқтисодиётини либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат бошқарувини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини яратди.
Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ўрта муддатда ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Ушбу стратегия жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган “мақсад – ҳаракат – натижа” тамойилига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, давлат сиёсатининг аниқ мақсадларига эришишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида барқарор иқтисодий ўсиш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тубдан янгилаш, экологик барқарорликка эришиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш устувор вазифалар этиб белгиланган.
Аҳоли сонининг ўсиши, глобал иқтисодий жараёнлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилашни тақозо этмоқда. Унда 350 дан ортиқ мутасадди идора ва илмий марказ вакиллари иштирокида 444 та самарадорлик кўрсаткичи қайта кўриб чиқилиши, 60 га яқин давлат органларининг аниқ масъулияти белгилаб қўйилиши стратегия ижросида тизимли ва шахсий жавобгарликни кучайтиради.