Увайсий
Увайсий
Ўзбек адабиёти тарихида мумтоз ўринга эга бўлган Жаҳон отин — Увайсий XVIII аср охири XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган машҳур ўзбек шоирасидир.
У Марғилон шаҳрининг Чилдухтарон маҳалласида, тахминан 1779 йилларда дунёга келган. жаҳон отиннинг отаси тўқувчи, ҳам косиб бўлиб, ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзган, онаси Чиннибиби эса ўз даврининг донишманд аёлларидан бўлиб, мактабдорлик қилган.
Жаҳонбиби оилада хат-саводини чиқариб, сўнг онасининг ёнида мактабдорлик қилган, акаси Охунжон ҳофиз ёрдамида куй-мусиқага ҳам рағбат пайдо қилган. Жаҳонбибининг ҳаёт йўлдоши Тожихон жуда эрта вафот этгач, у қизи Қуёш ва ўғли Муҳаммадхонларни ўзи тарбиялаб вояга етказган. Жаҳонбиби оила аъзоларининг таъсирида кўпроқ шахсий мутолаага берилиб, ўзбек, тожик ва озарбайжон алломаларининг асарларини муҳаббат билан ўқиб, Вайсий, Увайсий тахаллуси билан шеърлар ёза бошлайди ва тез орада шоира, отин сифатида танилади.
Увайсийнинг ҳаёти ўз даврида Марказий Осиёнинг катта илм-фан ва маданият марказларидан бўлган Марғилон ҳамда Қўқоннинг истеъдодли адиб ва шоирлари даврасида ўтди. У Моҳларойим — Нодира билан ижодий ҳамкорлиқда бўлган. Саройда шеърият илмидан дарс бериб, устозлик қилган. У Нодира билан Конибодом, Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Андижон каби шаҳарларда бўлиб, ижодий доиралар ва зиёлилар билан муносабат ўрнатган.
1842 йили Бухоро амири Насруллахон Қўқонни эгаллагач, Марғилонга қайтиб умрининг охиригача шу ерда яшаган.
Шоиранинг 4 та девон тузганлиги маълум. Увайсий ижодининг ғоявий-бадиий моҳиятидан ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарини ижодий давом эттирганлиги кўриниб туради. Шоиранинг Навоий, Фузулий ғазалларига боғлаган кўплаб мухаммаслари ва назиралари, Бедил шеърларига издошлиги Увайсийнинг поэтик балоғатидан далолат беради.
Шоира адабиётда тараққийпарвар намояндаларнинг қарашлари асосида майдонга келган инсон тақдири, шахс эрки ва маърифатпарварлик ғояларида латиф ва дилкаш асарлар яратади, асарларида инсонни эъзозлаш, одамнинг табиат ва ҳаёт ноз-неъматларидан баҳраманд бўлишга ундаш, дўстлик, вафо ва садоқат каби ўзининг улуғвор ниятларини Қуръон оятлари, ҳадислар ва тасаввуфий талқинлар билан асослаган ҳолда ижодий баркамолликка эришди.
Унинг шеърларида тариқатнинг талаб ва қоидаларига тааллуқли бўлган талқинлар кўп учрайди. Олтмиш йилдан кўпроқ умр кўрган Увайсийдан бизга каттагина адабий мерос етиб келган. Унинг қўлёзма девонлари Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Андижон Давлат Педагогика институти кутубхонасида сақланмоқда.