Ҳудудларининг баъзи жойларида ҳарорат 40-42 даражгача кўтарилади

Ҳудудларининг баъзи жойларида ҳарорат 40-42 даражгача кўтарилади

 ollbprolrolraolrolrolo.jpg 

       Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигининг хабар беришича, мамлакатимиз  ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши давом этади.  18 июль куни Тошкентда ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 23-25 даража илиқ, кундузи 40-42 даража иссиқ бўлади.

       18-20 июль кунлари ҳудуднинг бошқа катта қисмида ҳаво ҳарорати 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида 40-45 даражагача кўтарилади.

       Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги чанг-тўзонлари билан бирга секундига 13-18 метргача кучайиши мумкин.

       “Ўзгидромет” тавсияларига кўра аввало, куннинг энг иссиқ вақти — соат 12:00 дан 16:00 гача имкон қадар ёпиқ бинолар ёки салқин жойларда бўлиш лозим. Бу вақтда қуёш нурлари энг кучли бўлиб, тананинг қизиб кетиши ва офтоб уриш хавфи юқори бўлади. Агар кўчага чиқиш зарурати туғилса, соя жойларда юриш, соябондан фойдаланиш ва фаолликни куннинг салқинроқ пайтлари — эрталаб ёки кечқурунга режалаштириш мақсадга мувофиқ.

      Шунингдек, уй шароитида салқинликни таъминлаш ҳам жуда муҳим. Масалан, кундузи қуёш тушадиган томондаги деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кечаси ҳаво салқинлаганда деразаларни очиб, хоналарни шамоллатиш, куннинг энг иссиқ вақтларида печь, кир ювиш машинаси, қуритгич каби ўзидан иссиқлик чиқарувчи маиший техникалардан фойдаланишни чеклаш керак.

       Жазирамада тўғри кийим танлаш ҳам муҳим. Енгил, кенг бичимли, ҳавони яхши ўтказадиган табиий матолардан (пахта, ипак) тикилган либосларни кийиш тавсия этилади. Аксинча, синтетик кийимлардан сақланиш лозим. Имкон қадар оч рангли уст-бошларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар қуёш нурини яхшироқ қайтаради.

       Кўчага чиққанда кенг соябонли бош кийим кийиш ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш шарт. Бошни эса қуёш нуридан асраш зарур. Чунки бош миянинг қизиб кетиши иссиқ уришига олиб келиши мумкин.