Тўрт юз йиллик илмий қарашни ўзгартирган қўлёзма
Тўрт юз йиллик илмий қарашни ўзгартирган қўлёзма

Камолиддин Беҳзод мероси ўрта асрлар Шарқ китобат маданиятининг энг юксак чўққиси саналади.
У нинг ҳаёти ва ижоди ҳақида Хондамир, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ҳайдар ҳамда Зайниддин Восифий каби замондошлари муҳим гувоҳликлар қолдирган. Шунга қарамай, мўйқалам соҳиби таржимаи ҳолининг кўплаб саҳифалари узоқ вақт мобайнида баҳсли бўлиб келди. Кейинги асрларда битилган тазкираларда асл ҳужжатлар ўрнини кўпинча тўқима ривоятлар ва оғзаки афсоналар эгаллади. Натижада мусаввирнинг Ҳирот бадиий муҳитидан Табриз сарой устахонасига ўтиш даври хусусида жиддий илмий ноаниқликлар илдиз отди.
Ушбу чалкашликларга чек қўйишда XVI аср муаррихи Будоқ мунший Қазвиний қаламига мансуб “Жавоҳир ал-ахбор” (“Хабарлар гавҳарлари”) асари асосий калит бўлди. Муаллифнинг ҳижрий 984, яъни милодий 1576 йилда якунланган мазкур умумтарихий асари узоқ вақт шарқшунослар эътиборидан четда қолиб келган эди. Қўлёзманинг Санкт-Петербург кутубхонасида Дорн 288 белгиси остида сақланаётган нусхаси котиб кўчирмаси эмас, балки муаллифнинг шахсий дастхати экани билан беқиёс қимматга эга. Шарқшунос олим О.Акимушкин ўз илмий изланишларида кўрсатиб ўтганидек, Беҳзод дунёдан кўз юмган йили муаррих Қазвиний йигирма олти ёшли йигит бўлган. Муайян сабаблар билан давлат ишларидан четлатилган собиқ амалдор замонасининг хаттотлари ва наққошлари тўғрисидаги хотираларни уларнинг бевосита сафдошлари гувоҳлиги асосида тиклаб чиққан.
Ўтган асрда бирламчи манбалар устида олиб борилган изланишлар Камолиддин Беҳзоднинг ҳаёт йўлини кейинги давр ривоятларидан халос этган эди. Будоқ мунший Қазвиний асарининг ягона дастхат нусхаси улуғ мусаввирнинг мақоми, сарой устахонасидаги раҳбарлик даври ва таржимаи ҳолининг асосий саналарини тиклаш имконини берган.