Туркманистонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди

Туркманистонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди

kerkearvyrykear.jpg 

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий номидаги маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этган тадбир доирасида буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиши ҳам ташкил этилди.

Ёдгорликнинг очилиш маросимида меҳмонлар улуғ шоирнинг ўзбек халқи маънавиятининг ажралмас қисми бўлган ва кейинги даврлар лирикасига улкан таъсир кўрсатган бетакрор ижодий меросини алоҳида таъкидлади.

Махтумқули Фироғий ёдгорлиги жаҳонга машҳур ёзувчиларнинг 24 ҳайкалини бирлаштирган янги маданият ва истироҳат боғи мажмуасининг марказий қисмига айланди.

Махтумқули ёдгорлиги атрофида жаҳон адиблари ва атоқли шахсларининг ҳайкаллари ўрнатилди. Жумладан, мажмуада Оноре де Балзак, Иоган Волфганг Гёте, Рабиндранат Тагор, Уилям Шекспир, Фёдор Достоевский, Данте Алигери, Саят-Нова ва бошқа кўплаб дунё адабиётининг ёрқин вакиллари маҳобатли ҳайкаллари қад кўтарган.

Алишер  Навоийнинг ҳайкали ҳам энди атоқли шахслар қаторидан жой олди.