Турфон - Хитойнинг муқаддас узум шаҳри
Турфон - Хитойнинг муқаддас узум шаҳри

Буюк Ипак йўлидаги муҳим стратегик нуқта сифатида Ғарб ва Шарқ ўртасидаги савдо, илм-фан ва маданий алоқалар маркази бўлиб келган Турфон “Хитойнинг муқаддас узум шаҳри” сифатида узумчилик, экспорт ва туризм соҳаларидаги кенг ҳамкорлик имкониятларига эга.
Иссиқлик 45-47 даражасига кўтариладиган иқлими туфайли Турфон “Олов ичидаги шаҳар” деб номланади. Айнан шу иқлим – узум етиштириш учун мукаммал табиий шароит яратиб беради. Бу ерда етиштирилган узумлар юқори шакар миқдори ва бой таъми билан ажралиб туради. Турфондаги узум боғларида майиз, шароб ва навбатдаги қайта ишлаш маҳсулотлари учун махсус турлар парвариш қилинади.
Ўзбекистонлик журналист Муҳаммаджон Обидов томонидан Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида суратга олинган “Шинжон: Турфон мўжизалари” номли ҳужжатли фильмнинг премьераси бўлиб ўтди. Ушбу фильмда Турфоннинг узумчилик салоҳияти, табиий шароитлари ҳамда “Олов ичидаги узум диёри” кенг ёритилди.
Фильмда, шунингдек, Фарғона водийсидаги узумчилик анъаналари билан Турфон узумчилиги ўртасидаги ўхшашликлар, икки минтақанинг ушбу соҳадаги ҳамкорлиги ва тажриба алмашиш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳужжатли фильм Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ йиллик дўстлик ва савдо алоқаларини янада мустаҳкамлашга, қолаверса, икки мамлакатнинг узумчилик салоҳиятини жаҳон бозорига самарали тарзда етказишга хизмат қилади.