“Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида янги аэропорт

Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида янги аэропорт

 

avapyvvparyvapryvakp.jpg 

 

         27 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида қуриб битказилган замонавий аэропорт мажмуасини бориб кўрди.

         Мазкур йирик лойиҳа 2017 йилда бошланган бўлиб, пандемия ва бошқа қийинчиликларга қарамай, муваффақиятли якунига етказилди. Умумий майдони 561 гектарни ташкил этадиган аэропортда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, 3 та ҳаракатланиш йўли ва 20 та ҳаво кемасига мўлжалланган перрон барпо этилди. Иншоот энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш имкониятига эга.

         Аэропорт ҳудудида “Boeing 787”, “Airbus A320” каби ҳаво кемалари, бизнес-джетлар ва вертолётлар учун махсус ангарлар қурилди. VIP ва CIP терминаллари замонавий қулайликлар билан таъминланиб, юқори даражадаги меҳмонларни кутиб олиш, музокаралар ва брифинглар ўтказиш имкониятини беради. CIP терминали соатига 100 йўловчини қабул қилиш қувватига эга бўлиб, унда дўкон ва овқатланиш масканлари фаолият юритади.

       “Тошкент-Шарқий” аэропорти пойтахт ва барпо этилаётган “Янги Тошкент” шаҳри учун муҳим транспорт хабларидан бирига айланиши, халқаро ташрифлар, ишбилармонлик алоқалари ҳамда инвестициялар оқимини янада кучайтириши кутилмоқда. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.