Тиббиётга 2 миллиард доллар
Тиббиётга 2 миллиард доллар

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида жиддий ўзгаришлар палласи кетмоқда. Соҳа олдида тизимни замонавий талабларга мослаштириш вазифаси турибди. Жорий йилнинг 27 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашуви бу борада асосий йўналишларни белгилаб берди.
Келгуси йилда тиббиётга 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва грант жалб этиш кўзланган. Бу маблағлар ҳудудлардаги шифохона ва поликлиникаларнинг шароитини янгилашга йўналтирилади. Аммо маблағнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир ҳудуд раҳбари аниқ лойиҳа таклиф қилиши шарт. Шу билан бирга, чет элда ишлаётган малакали ватандош шифокорларни юртимизга қайтариш ҳам долзарб вазифага айланган. Чунки хорижий тажриба ва янги даволаш усуллари маҳаллий тиббиётга тезроқ кириб келади.
Тизимда юқори технологияли ёрдамни кенгайтириш ҳам диққат марказида турибди. Мамлакатдаги 26 та ихтисослаштирилган марказ ишини янгича тартибда йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу марказлар раҳбарларининг масъулияти оширилади. Илмий изланишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратилади. Яна бир муҳим ташаббус 2027-2033 йилларга мўлжалланган Ядро ва радиацион тиббиётни ривожлантириш стратегияси билан боғлиқ. Ушбу ҳужжат амалга ошгач, одамлар мураккаб ташхис ва даволашда ядро тиббиёти имкониятларидан кенгроқ фойдалана олади.