Термизнинг Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни
Термизнинг Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни

Ватанимиз буюк алломалар юрти саналади. Бу маконда туғилиб, камол топган мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси неча асрларки эътироф этилиб, чуқур тадқиқ этилмоқда. Сурхон воҳаси эса ўзининг бой номоддий мерос обектлари – кўп асрлик осори-атиқалари, ноёб меъморий обидалари, ҳунармандчилиги, дунё илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган алломалари билан машҳур. Мустақиллик йилларида миллий ва маънавий қадриятларимизни тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни асл қиёфасига мос тарзда белгиланган меъморий талаблар асосида қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди ва бу эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICА) ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ўтказилган “Термизнинг Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий онлайн конференцияда ҳам шу ҳақда сўз борди.
Онлайн тарзда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICА) Бош директори, профессор Ҳалит Эрен, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров, ҳамкор ташкилотлар, хорижлик профессор-олимлар, ёш илмий тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Aнжуманда сўзга чиққанлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар қолдирган бебаҳо мероснинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини тарғиб этишга имкониятлар яратилаётганини таъкидлашди.
Конференция давомида хорижлик профессорларнинг “Сунан ат-Термизийнинг аҳамияти ва унинг шарҳи”, “Имом Термизийнинг “Илм ал-ҳадис”даги маҳорати”, “Ҳаким Термизийнинг тарих фанига қўшган ҳиссаси”, “Термизийнинг ижтимоий-маданий қийматининг аҳамияти”, “Ҳаким Термизий ва Бурҳониддин Термизий қарашларида қалб масаласи” каби қизиқарли маърузалари тингланди.
Илмий анжуманда “Ислом даврида Термиз тарихи”, “Ислом адабиётида Термизнинг тарихий-географик тавсифи”, “Ислом цивилизациясига оид жараёнларнинг моддий ва ёзма маданиятда акс этиши” сингари мавзулар муҳокама этилди.
Қизғин ўтган анжуман давомида юртимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси катта экани таъкидланиб, бу борада Термиз шаҳрининг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди. Конференсия якунида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICА) ўртасида меморандум имзоланди.
Манба: iiau.uz




