Тадбиркорларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди
Тадбиркорларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди

Миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида илғор тажриба ва анъаналар мактабини яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этишда ибрат кўрсатаётган тадбиркорлар “Тадбиркорлар куни”да “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни “Тадбиркорлар куни” билан самимий табриклади.
Қайд этилганидек, юртимиз ишбилармонлари яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз ташаббуси, билим ва тажрибаси билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида салмоқли натижаларга эришмоқда.
Улар томонидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда, замонавий хизматлар йўлга қўйилиб, аҳоли учун янги иш ўринлари ва даромад манбалари яратилмоқда.
Айниқса, ўз соҳасида илғор тажриба ва анъаналарни шакллантираётган, изланувчанлиги, креатив ғоя ва ташаббуслари билан бизнесга инновацион технологияларни олиб кираётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани эътироф этилди.