Сув — ҳаёт манбаи
Сув — ҳаёт манбаи

Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ишчи гуруҳи Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув йўқотишларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Улар “Сирдарё” ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси ҳамда Гулистон сув иншоотлари “Дўстлик” канали бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Узунлиги 117 километр бўлган мазкур канал 1948 йилда қурилиб, ишга туширилган. Ҳозирда у Ўзбекистоннинг Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги 100 минг гектар, Қозоғистоннинг Махтаарал ва Жетисой туманларидаги 136 минг гектар ерларни суғоришга хизмат қилмоқда.
Қозоғистонлик мутахассислар Ширин шаҳридаги Жанубий Мирзачўл канали бош иншоотидаги реконструкция ва модернизация ишлари билан ҳам танишдилар. Бу канал орқали Сирдарё вилоятида 131 минг, Жиззах вилоятида 239 минг гектар ерлар суғорилади.
Ташриф доирасида меҳмонларга сув тежовчи технологияларни жорий этишда эришилаётган натижалар намойиш этилди. Хусусан, қозоғистонлик дўстларимиз Боёвут туманидаги суғориш тармоқларини бетонлаш орқали сув йўқотилишини камайтириш ишлари ҳамда Сайхунобод туманидаги “Dah poly tex” МЧЖ майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш тизимлари билан ҳам яқиндан танишишди.
Қозоғистонлик мутахассислар суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув тежаш борасидаги тажрибаларни юқори баҳоладилар. “Дўстлик” канали нафақат сув манбаи, балки икки давлат деҳқонлари учун барқарор ривожланиш, ҳосилдорлик ва дўстлик тимсолидир. Ҳозирги кунда иншоотда сувни тежаш бўйича замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Автоматлаштирилган бошқарув тизимлари орқали сув сарфини назорат қилиш ва йўқотишларни камайтириш имкони яратилган