Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш янги босқичга олиб чиқилади

Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш янги босқичга олиб чиқилади

 

yryvaprpyvappryvapavyapvapvap.jpg

 

      Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

      Сунъий интеллект технологиялари иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Йил бошида 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида сунъий интеллект ҳажми 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирги таҳлиллар бу рақам 20 триллион доллардан ортишини кўрсатмоқда.

      – Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади”, - деди давлатимиз раҳбари.

      Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди.

      Ўтган йили Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Рақамлаштириш вазирлигида бу соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди.

       Натижада бир йил ичида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.

      Соҳани ривожлантириш борасида етакчи компаниялар, хорижий экспертлар ва ватандошларимиз, йирик давлат корхоналари, банклар ва олийгоҳларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Сунъий интеллект альянсини тузиш таклифи қўллаб-қувватланди.