“Соғлом инсон — соғлом миллат” умуммиллий ҳаракати
“Соғлом инсон — соғлом миллат” умуммиллий ҳаракати
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари спорт соғлом халқ, соғлом авлоднинг таянч устуни эканлигини, шу боис сўнгги тўрт йилда бюджетдан спортга ажратилаётган маблағ 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошганлигини таъкидлади.
Шу боис иқтидорли ёшларни топиш, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни ва мураббийларни рағбатлантириш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши белгиланди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги қатор ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, селекция тизимини яхшилаш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Миллий Олимпия қўмитаси раиси Президент бўлганидек, ҳудудий бўлимларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилади.
Улар ҳар бир федерация билан бирга, Олимпия ўйинларига тайёргарлик даври бўйича стратегия ишлаб чиқади. Бунинг учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, чет элдан илғор тажрибалар, грантлар жалб қилиш чоралари кўрилади. Спортчи ва мураббийлар хорижий спорт академияларида ўқитилади. Олдинги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари натижасига қараб, спорт турлари устуворлиги бўйича 3 та тоифага ажратилади.
Ўқувчиларни спортга кенг жалб этиш мақсадида ҳар бир мактабда яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича тўгараклар очилади. Мактаблар ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилинади. Энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар селекция қилиниб, мактаблар эса керакли спорт инвентари билан таъминланади. Натижа кўрсатган жисмоний тарбия ўқитувчилари алоҳида рағбатлантирилади.
“Соғлом инсон – соғлом миллат” ғояси умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши таъкидланди. Бунинг учун соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиботини ҳар бир оилага олиб кириш кераклиги айтилди.