Соғлиқни сақлаш тизими такомиллашади
Соғлиқни сақлаш тизими такомиллашади

Президент Шавкат Мирзиёев 19 август куни соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бу борада давлатимиз раҳбари шу йил 7 майда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида топшириқ берган эди. Шундан келиб чиқиб, соҳа мутахассислари, аҳоли ва хусусий сектор вакиллари иштирокида қатор таклифлар тайёрланди.
Бугун касалликларни даволашда катта юклама республика муассасаларига тушмоқда. Шу боис вилоят ва туман миқёсида хизматларни кенгайтириб, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шу мақсадда 1 минг 500 та клиник протокол халқаро талабларга мослаштирилади ва стандарт жарроҳлик амалиётлари ишлаб чиқилади. Энг кенг тарқалган касалликлар бўйича беморлар маршрутлари ишлаб чиқилади ва рақамлаштирилади.
2030 йил якунига қадар 198 та марказлашган лаборатория ташкил этиш, ички ва ташқи сифат назоратини йўлга қўйиш, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бепул таҳлиллар сони оширилади.
Ҳамширалар академиясини Тошкент давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Профессионал тиббиёт академиясига айлантириш таклифи билдирилди. Халқаро ҳамкорлар билан бирга янги дастурлар жорий қилинади, ҳамшираларни NCLEX имтиҳони асосида халқаро сертификатлаш йўлга қўйилади. Олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналишига қабул квотаси босқичма-босқич оширилади.
Барча ўқув дастурлари халқаро ташкилотлар талаблари асосида аккредитациядан ўтказилади, оилавий тиббиёт бўйича интеграциялашган таълим дастури ва бир йиллик интернатура жорий этилади. "Бемор ёнида" ўқитиш улушини ошириш, билимларни баҳолашнинг икки босқичли тизими ҳамда тиббиёт ходимларини рўйхатга олиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мезонларини инобатга олган ҳолда, дори воситаларини рўйхатдан ўтказишда тан олиш тартиби жорий этилади. Женерикларнинг биоэквивалент синовлари ўтказилади, тиббий буюмларни уларнинг хавфсизлик синфлари бўйича рўйхатдан ўтказишнинг табақалаштирилган тизими қўлланилади. Бу борада фаолиятни бошлаш учун хабардор қилиш тартиби жорий этилади.
Шартнома асосида ишлаб чиқариш ва технологиялар трансфери ривожлантирилади, фармназоратнинг замонавий механизмлари татбиқ қилинади.
Президентимиз билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади. Белгиланган вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.