Шавкат Мирзиёев Малайзия Ислом санъати музейига ташрифи
Шавкат Мирзиёев Малайзия Ислом санъати музейига ташрифи

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида 5 февраль куни Малайзия Ислом санъати музейида бўлди.
Ушбу мажмуа мамлакатнинг энг йирик музейларидан бири ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган. Музей анъанавий ислом меъморчилиги услубида барпо этилган бўлиб, унинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёдни ташкил этади. Бино гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган.
Бу ерда 10 мингдан ортиқ ислом санъати намуналари сақланмоқда. Доимий экспозицияда Қуръон қўлёзмаларининг ноёб тўплами, сопол ва қимматбаҳо буюмлар, қурол-яроғ намуналари ва иншоотлар макетлари, тақинчоқлар, тангалар ва бошқа ашёлар намойиш этилмоқда.

Музей фондида замонавий Ўзбекистон ҳудудида турли тарихий даврларда яратилган 200 га яқин ноёб экспонатлар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар орасида ўрта асрларга оид қўлёзмалар, заргарлик буюмлари, машҳур абр матолари ва кийим намуналари, Шарқ Ренессансига оид кулолчилик буюмлари мавжуд.
Давлат раҳбари экспонатларни кўздан кечириш чоғида биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва кўргазмалар ташкил этиш, илмий ва маданий алмашинувни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.