“Саодат” журнали – 100 ёшда
“Саодат” журнали – 100 ёшда

Пойтахтимиздаги "Ёшлар ижод саройи"да Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги нашр — “Саодат” журнали ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан “Саодат" журналининг 100 йиллиги: бир асрлик маърифат байрами” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Журнал босиб ўтган йўл — бир асрлик тарих, қадрият ва маърифатни маёқ билган, ўнлаб, юзлаб истеъдодларни етиштирган адабий минбар ҳамдир. “Саодат” ана шу йўлда момоларимиз, бувиларимиз, оналаримиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз қалбига кириб борган, миллионлаб хонадонларимизга зиё улашган, тарбия, адабиёт ва маърифатни элга етказган онахон нашрдир.
Ўтган юз йиллик маърифат йўли давомида “Саодат” аёлларимизнинг қувончи ва ташвишини, орзуси ва интилишини, юрт ҳаётидаги долзарб масалаларни ўз саҳифаларида акс эттириб, кўп сонли хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида чинакам таянч, рағбат ва ишонч манбаи бўла олди. “Саодат” қандай давр ва шароитда нашр этилмасин, у ҳамиша, хотин-қизларимиз маънавияти, адабиёти, санъати ва турмуш тарзи билан боғлиқ энг долзарб ғоя ва ташаббусларни илгари суриб келган.
Ўтган барча даврларда журнал ўзбек аёлининг оилада назокатли, севимли, фарзандларига меҳрибон бўлиши, турмуш машаққатларини енгиб ўтиб, жамиятда ҳам ўз ўрнини топишига кўмакдош бўлди. Адабиётга кўнгли ошуфта ёш қаламкашлар ижодининг ривожига катта ҳисса қўшди. Саида Зуннунова, Хосият Лутфуллаева, Уллибиби Отаева каби сўзлари барҳаёт устозларнинг, бугун ҳам адабиётимизда ўз ўрнига эга Хосият Бобомуродова, Дилбар Ҳайдарова, Ҳаётхон Ортиқбоева каби адибаларнинг қаламлари “Саодат” саҳифаларида чархланди.
Президентимиз ташаббуси билан аёллар давлат бошқаруви, илм-фан, маданият, тадбиркорлик ва спорт соҳаларида фаол ва таъсирли куч сифатида тан олинди. Ушбу улуғвор ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари “Саодат” эътиборидан четда қолмай, журнал саҳифаларида изчил ёритиб келинмоқда.