Сайловолди ташвиқоти бошланди

Сайловолди ташвиқоти бошланди

20240924114539.jpeg

     Бу йил бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайлови муносабати билан Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш ҳамда сайловолди ташвиқотига оид масалалар кўриб чиқилди.

     Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимиздаги бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

     Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган жами 500 нафар партия рўйхатидаги номзодларни рўйхатга олиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Яъни, сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 минг 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига эса жами 24 минг 850 нафар номзод кўрсатилди.

     Шунингдек, мажлисда сайловнинг энг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши эълон қилинди.

     Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан давлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда газеталарида депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида бепул эфир вақти ҳамда нашр майдони ҳажми ажратилди.