“Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси

“Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси

 

afyvafyvavcfvaimmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmmiiiii.jpg

 

Туркиянинг Яқин Шарқ техника университети ва Набитат ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган таълим лойиҳаси муваффақият қозонди. Асосий ғоя – ўқитувчини технологиядан самарали фойдалана оладиган мутахассисга айлантириш.

Бугун таълимда рақамлаштириш фақат электрон доска, планшет ёки онлайн дарс эмас, балки технологиядан таълим сифати ва ўқувчи имкониятини кенгайтириш учун қандай фойдаланиш ҳам. Туркияда амалга оширилаётган “Рақамли ўқитувчи” лойиҳаси доирасида шу вақтга қадар 11 000 дан кўп ўқитувчи рақамли кўникма бўйича таълим олди. Уларнинг синфдаги фаолияти орқали лойиҳанинг билвосита таъсири қарийб 300 000 ўқувчига етиб борди.

Ташаббуснинг дастлабки мақсади ўқитувчини рақамли дунёга мослаштириш ва унга замонавий технологиядан таълим жараёнида фойдаланиш учун зарур кўникма бериш эди. Илк босқичда асосий эътибор бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчиларига қаратилди.

Ўқитувчи рақамли хавфсизлик, шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, танқидий фикрлаш, рақамли маҳсулот яратиш, визуал дизайн, тақдимот тайёрлаш, ўлчаш ва баҳолаш каби йўналишларда билим олдилар. Табиийки, технология жадал ўзгаргани сари ўқитувчига қўйиладиган талаб ҳам кучаймоқда. Шу боис лойиҳанинг 11-босқичида дастур мазмуни қайта кўриб чиқилди. Энди дастурга мактабгача таълим ва лицей ўқитувчилари ҳам жалб этилмоқда. Натижада таълимнинг турли босқичлари педагоглари қамраб олинадиган кенг платформа юзага келди.

Таълим мазмуни “рақамли интеллект” ёндашуви асосида янгилангани янги босқичнинг яна бир муҳим хусусиятидир. Мақсад – ўқитувчига фақат янги дастур ёки сунъий интеллектдан фойдаланишни ўргатиш эмас. Муҳими – технологияни танқидий, онгли ва масъулиятли қўллаш маданиятини шакллантириш. Шунинг учун рақамли хавфсизлик ва махфийлик, рақамли контент яратиш, ўлчаш ва баҳолаш, танқидий фикрлаш ҳамда муаммони ҳал қилиш каби кўникмаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бошқача айтганда, технологияни фақат қандай ишлатиш эмас, балки дарсда қачон ва нима мақсадда қўллаш ҳам ўргатиляпти.