Президентнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаши фаровонлик ва юрт тараққиётини кафолатлайди
Президентнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаши фаровонлик ва юрт тараққиётини кафолатлайди

Президент Шавкат Мирзиёев 17-18 август кунлари ташриф билан Хоразм вилоятида бўлди.
18 август куни Хива шаҳридаги “Конгресс-холл” мажмуасида Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Анжуманда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шу жумладан, туман студияларидан 25 мингга яқин тадбиркор иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари юртимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини Тадбиркорлар куни билан табриклади.
Беш йил олдин тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси йўлга қўйилганидан буён бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим топилди. Бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди.
– Нима учун? Тадбиркорларимизга шароит яратиб, янги иш ўринларини кўпайтириш, одамларимизни узоққа бормасдан, маҳалласининг ўзида даромадли қилиш учун, – деди Президент.
Ўтган даврда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Корхоналарнинг асосий капиталга инвестицияси ҳам 3 карра кўпайди.
Саноати 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага, хизматлар ҳажми 1 триллион сўмдан ошган туманлар 41 тадан 152 тага кўпайди. Миллий брендини яратган, мамлакат бўйлаб филиаллар очган тадбиркорлар сафи кенгайди.
Президентимиз сўнгги йилларда Хоразмда ҳам тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратилганини таъкидлади. Қисқа даврда вилоятга 4 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб, 10 мингта янги қувват ишга тушди. Бугун вилоят иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда, экспортда унинг улуши 81 фоизга етди.