Президентимиз таклифлари янги давр ҳамкорлигига кенг йўл очмоқда

 Президентимиз таклифлари янги давр ҳамкорлигига кенг йўл очмоқда

 

aprerpvar.jpg

       Тяньцзинь шаҳрида ўтган “ШҲТ плюс” саммити ва ундаги муҳокамалар бутун дунё эътиборида бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ундаги нутқи эса нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун долзарб ғоя ва таклифларга бой бўлди.

       Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро вазият ҳукм сураётган шароитда ШҲТ жаҳонда барқарор ва адолатли тартиботни таъминлашнинг мустаҳкам таянчларидан биридир. Бунинг ўзиёқ ташкилотнинг стратегик ўрни ва истиқболини кўрсатади.

       Президент биринчи навбатда хавфсизликка оид ташаббусларни илгари сурди. ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси базасида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ, шунингдек, Душанбеда Наркотикларга қарши курашиш маркази ташкил этилганини олқишлашини билдирди Шавкат Мирзиёев.

       Бу марказлар нафақат терроризм ва наркотрафикка қарши, балки трансмиллий жиноятчилик, киберхавфсизлик ва чегарабузарлик каби глобал таҳдидларга қарши ҳам самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин. Давлатлар тажриба алмашиб, биргаликда ҳаракат қилса, ҳеч бир хавф четда қолмайди.

       Президент шунингдек, келгуси йили Тошкентда мамлакатларимизнинг ваколатли органлари раҳбарлари, етакчи эксперт ва тадқиқотчилар иштирокида биринчи “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти”ни ўтказишни таклиф қилди. Бу ташаббус орқали Тошкент яна бир бор халқаро музокаралар марказига айланади.

       Президентимизнинг яна бир муҳим таклифи иқтисодий йўналишда бўлди. Давлатимиз раҳбари бизнес соҳасидаги мулоқотлар учун самарали майдонни ишга тушириш мақсадида, барча манфаатдор шерикларимизни жалб этган ҳолда, ҳар йили “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказиш таклифини билдирди. Биринчи форумни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканлигини айтди.

       Бугун дунёда иқтисодий узилишлар, санкциялар ва савдо тўсиқлари авж олган бир пайтда бундай платформа минтақадаги мамлакатлар учун янги имконият эшигини очади. Инвестиция ва савдо йўналишидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий ўсишни, балки барқарор ривожланишни ҳам таъминлайди.

       Давлатимиз раҳбари яна бир жиҳатга алоҳида тўхталди. ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби илғор йўналишларда катта сакрашни таъминлашга қодир улкан илмий-техник салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади. Янги ғояларни генерация қилиш, илғор ташаббусларни ишлаб чиқиш ва технологиялар трансфери учун ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғини яратишни амалий қадам сифатида таклиф этди Шавкат Мирзиёев.

       Бу таклиф ҳам келажакни кўзлаган, стратегик ташаббусдир. Чунки сунъий интеллект ва “яшил” технологиялар XXI аср тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари ҳисобланади. Агар ШҲТ мамлакатлари бу соҳада бирлашса, улар дунёдаги технологик марказлардан бирига айланиши мумкин.

       Президент яна бир муҳим соҳани унутмади. Маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш умумий манфаатларимизга жавоб беради ва дўст халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилишини қайд этди. “ШҲТ оиласи” маданий ранг-баранглиги ва бой қадриятларини илгари суришга кўмаклашиш билан шуғулланадиган Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этишни таклиф қилди Президент.

       Бу ташаббус халқларнинг қалби ва маданиятини яқинлаштиради. Чунки сиёсат ва иқтисод давлатлар ўртасида кўприк қурса, маданий алоқалар ҳам ундан кам вазифа бажармайди.

       “ШҲТ плюс” формати доирасида илгари сурилган ташаббуслар хавфсизликдан тортиб, иқтисод, инновация ва маданиятгача бўлган ҳаётий муҳим соҳаларни қамраб олмоқда. 

       Президент Мирзиёевнинг нутқи Ўзбекистон минтақавий ва глобал ҳамкорликда фаол ташаббускор давлат сифатида ўз сўзи ва нуфузига эга эканини яна бир бор кўрсатди. Бу ташаббуслар амалда ҳаётга татбиқ этилса, ШҲТ хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва адолатли ҳамкорликнинг  ишончли таянчига айланиб бораверади.