Президент янгидан қурилган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Президент янгидан қурилган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Мажмуада мақбарадан ташқари 10 минг кишилик масжид, маъмурият биноси, музей, айвонлар ва миноралар қуриб битказилган бўлиб, ҳозир сўнгги пардозлаш ишлари кетяпти. Зиёратгоҳ атрофидан меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари жой олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 30 октябр куни Самарқандга ташриф буюрди.

Анъанага мувофиқ, аввало Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

 

Президент мажмуадаги сўнгги пардозлаш ишлари, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш жараёнлари билан танишди.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мазкур мажмуа Имом Бухорийнинг ислом оламида тутган юксак мавқейи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга шароитлар яратилди.

Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, айни пайтда унинг умумий майдони 44 гектарга етди. Мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.

Янги музей ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларида ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилган.

Давлат раҳбари мамжуа фаолиятини сифатли ташкил этиш, одамларга қулайликларни кенгайтириш, яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Эзгу ниятлар билан мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Шундан кейин Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, биринчи президент Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

https://kun.uz/kr/23534758