Пойтахт мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни ўзида ёрқин ифода этаверади
Пойтахт мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни ўзида ёрқин ифода этаверади

Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Мамлакатимизда инвесторларга яратилган қулайликлар туфайли иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ошиб бормоқда. Тўғридан-тўғри сармоялар киритилиб, саноат, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида барпо этилган “High Town City” мажмуаси шулардан бири. У кенг қамровли бўлиб, савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар жойларни ўз ичига олган. Бунга 510 миллион доллар тўлиқ хорижий инвестиция йўналтирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Бектемир туманига ташрифи чоғида Ийкота маҳалласида бўлиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Давлатимиз раҳбари ушбу масканда ташкил этилган сумалак сайлида қатнашди, маҳалла фаоллари, нуронийлар билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда жорий йилги режалар, жумладан, тинчлик-осойишталикни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳақида сўз юритилди.
Президентимиз давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ерда кўчат экди.