“Оиламиз – келажагимиз” ойлиги
“Оиламиз – келажагимиз” ойлиги

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига мувофиқ, юртимизда 1 майдан 30 майгача “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги эълон қилинган. Ойлик доирасида ҳудудлар, туман (шаҳар) марказларидаги истироҳат боғларида “Саодатли оилалар сайли”ни ташкиллаштириш, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда 208 та туман (шаҳар)лар марказларидаги истироҳат боғларида 10 мингдан зиёд узоқ йиллардан буён бирга аҳил яшаб келаётган нуроний жуфтликлар, “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган 4 минг 500 га яқин оилалар, “Оила ва хотин-қизлар масканлари”даги ўқувларда сабоқ олган 50 мингдан ортиқ ёш келин-куёвларни жалб этишга эътибор қаратилган.
Ойлик доирасида ҳар бир ҳудуддан 1 тадан жами 14 та 1-ўринни эгаллаган оилаларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш жараёнлари юқори савияда ўтказилаяпти.
Республика даражасида “Марказий Осиё халқлари оилаларининг уйғун қадриятлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил этилиб, унда “Бахтли оилавий ҳаёт мезонлари”, “Стериотиплардан ҳоли оила” каби мавзулар чуқур таҳлил этилади, тараққиётига тўсиқ бўлаётган айрим иллатларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, жисмоний имкониятлари чекланган бўлсада, турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритаётган оилалар вакилларини рағбатлантириш юзасидан “Инсон азиз”, “Ёнингиздамиз” каби хайрия акциялари ташкил этилади.
“Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларининг маънавий қадриятлар ва оилани асрашга қаратилган мурожаатлари янграйди. “Менинг оилам – менинг фахрим” мавзусида флешмоб ва “Янги Ўзбекистоннинг бахтли оиласи” номли челленжлар ўтказилади.
Оилада соғлом муносабатлар моделларини, хусусан, ўзбек халқининг бағрикенглик фазилатларини, қўшничилик, миллатлараро тотувликни тарғиб қилувчи ижтимоий роликлар яратилади ва намойиш этилади.