Нукус шаҳрида “Ҳунарманд” бирлашмаси аъзолари томонидан Саламат Алламберганов ва Гўзал Губеновалар хонадонида “Оила керамик” кулолчилик устахонаси ҳамда уй- музей ташкил этилди.
Ўзбекистон кулолчилик санъатининг энг бой меросини сақлаб қолган маскан ҳисобланади. Мамлакатимизда қадимдан ҳар воҳанинг ҳунармандчилик марказлари шаклланиб, ўзига хос маҳаллий хусусиятларини сақлаган. Уларда ҳозирги вақтда сопол идишлари ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда бадиий кулолчилик санъати ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, унинг янада ривож олиши учун қулай шароит яратилмоқда. Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилиши юртимизда ҳунармандчилик қадимдан бой анъаналар асосида ривожланиб келаётганини кўрсатади.
Қорақалпоғистонда кулолчилик санъатини ривожлантиришни мақсад қилган ёш оила аъзолари бир неча маротаба танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети санъат факультети ҳамда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олган бу иккала кулол 2023 йили май ойида Фарғона вилоятида бўлиб ўтган “Кулоллар сайли” миллий кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосида, Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида бўлиб ўтган Халқаро кулолчилик форумида қорақалпоқ миллий кулолчилик буюмлари билан иштирок этди.