Ноёб қўлёзма ва китоблар топилди
Ноёб қўлёзма ва китоблар топилди
Намангандаги Янги Ахси археологик ёдгорлик мажмуасидан 50 дан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма китоблар топилди.
Топилмалар орасида Абу Муъин Насафийнинг XI асрга оид нодир китоби, Қўқон хони Амир Умархоннинг мукаммал девони, Бухоро амири Саид Олимхоннинг топшириғи билан ўтган аср бошида Когондаги Дорус Салтана босмахонасида чоп этилган Мулло Муҳаммад Обиджон ибн Мулло Муҳаммад Қобил Охунд Намангонийнинг «Тухфатул обидин анисул ошиқин» китоблари мавжуд. Уларнинг энг қимматлилари қаторида Хожа Али Ромитаний, Хожа Аҳрори Валий, Мавлавий Абдулҳай Лакнавийларнинг нодир рисолалари турибди.
Манбалар ўрганилганда, Наманган, Тошкент, Бухоро ва Самарқанднинг йирик савдогарлари XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошида элга маънавият улашиш, зиё таратиш бўйича катта ҳажмда иш олиб борган.
Ушбу топилмани тадқиқ этиш жараёнида Ҳожи Чироғиддин Сирожиддин тожир, Мулло Абдулқодир Маҳдум, Саййид Зафар Бухорий, Қобил Охунд Намангоний, Исҳоқхон Тўра Ибрат томонидан Лоҳур, Деҳли, Истанбул, Қозон, Тошкент босмахоналарида юзлаб томда, юз минглаб ададда китоблар бостирилгани ҳақида янги маълумотлар олинди.