Нодир маданий меросимиз юртимизга қайтмоқда
Нодир маданий меросимиз юртимизга қайтмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгаш йиғилишида маданий меросни муҳофаза қилиш ҳамда уни халқаро ҳамкорлик орқали Ватанимизга қайтариш бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида қайтарилган ноёб тарихий осори атиқалар илк бор кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Ушбу амалиёт Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Heritage Crime Task Forse, Лондон полициясининг санъат ва антиквар жиноятлар бўлими, Art Loss Register, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида амалга оширилди.
Тақдим этилган артефактлар Марказий Осиё цивилизациясининг кўп асрлик тарихий ривожланишини акс эттириб, буддавийлик, суғдий ва исломий маданий қатламларни ўз ичига олади. Улар орасида Кушон даврига оид ҳайкал бошлари ва бюстлар, штуко безаклари бўлаклари, II-VIII асарларга мансуб ноёб деворий суратлар ҳамда Фаёзтепа ва Қоратепа археологик мажмуаларига тегишли осори атиқалар мавжуд. Шунингдек, XV асрга оид темурийлар даврига мансуб кенотаф алоҳида илмий ва маданий аҳамиятга эга.