Нажмиддин Кубро
Нажмиддин Кубро

Кўҳна Хоразм азалдан илму ирфон бешиги, фан ва маданият, маънавият ва маърифат маркази бўлган. Ушбу заминда ўтган буюк инсон кубравия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубродир. Шайх Нажмиддин Кубронинг тўлиқ исмлари Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад ал-Хевақий ал-Хоразмий бўлиб, “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абулжанноб”, “Валийтарош” – у зотга берилган лақаб, унвон ва куния ҳисобланади.
Нажмиддин Кубро милодий 1145 йилда Хива шаҳрида дунёга келган. У Хоразмда мадрасани тугатгач, ўн олти ёшларида ўз билимини ошириш мақсадида замонасининг катта илм-маърифат марказига айланган Эрон, Миср, Шом ва Ироқ мамлакатларида бўлиб, ҳадис ва фиқҳ илми билимдонларидан керакли билимларни олади.
У Мисрда Шарқ фалсафаси билан шуғулланади ва унинг сирларини ўрганади. Нишопурда Абул Маккорим Лубон ва Абу Жафар Самдлоний, Табризда Абу Мансур Ҳафт, Маккаи Мукаррамада Абу Муҳаммад Таббеҳ ва Искандарияда Абу Тоҳир Салафий хизматларида бўлиб, улардан ҳадис илмларини ўрганади.
Аллома 1185 йилда Хоразмга қайтиб келади. Бу вақтда у қирқ яшар бўлиб, йигирма беш йилдан ортиқ умрини илм таҳлилига бағишлаган эди. У катта хонақоҳ қурдириб, тариқатда янги бир мактаб – йўналиш ҳисобланмиш кубравия силсиласига асос солди. Унинг қўл остида юзлаб одамлар тарбияланиб, ислом маърифатидан, илоҳий ирфондан баҳраманд бўлди. Нажмиддин кишиларни эзгуликка, илмга, саховат ва мардликка даъват этди.
Нажмиддин Кубро ўз таълимотида инсон омилини биринчи ўринга қўяди. У инсон тафаккури кучига юксак баҳо бериб шундай дейди: –“Валийлик инсон боласига азалдан насибадир, чунки одам Оллоҳнинг суйган махлуқи, парвардигор одамга онг-ақл берган, ботиний нур берган, уни барча мавжудотдан афзал қилиб яратган”.
Шайх Нажмиддин Кубронинг “Фи-одобус соликин” (“Соликлар одоби ҳақида”), “Рисола аттул хайф ул-хоим ан лавмат ил - лоим” (“Қўрқувчи овворалар ва маломат этувчи маломатийлар ҳақида”), “Фавойиҳул жамол”(“Гўзалликни эгаллаш”), “Рубоийлар тўплами”, “Фавойиҳул жамол ва фавотиҳул жалол” (“Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи”), “Ал-усул ал –ашара” (“Ўнта усул”), “Рисола ат-туруқ” номли асарларида мардлик ва поклик, қаҳрамонлик ва фидойилик, маърифат ва жисмоний-руҳий қудрат бирлаштирилган, инсон камолотида ахлоқий юксаклик, ватанпарварлик ғоялари ифодаланган.
Амир Темурнинг невараси Улуғбек Мирзо ибн Шоҳрух Мирзо ўзининг “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”, 1425) номли тарихий асарида Шайх Нажмиддин Куброни шарҳлаб бундай деб ёзади: “Мана етмиш йилдирки, Хоразм халқи билан яшаб келмоқдаман. Бугунги кунда қазойи илоҳий бало жазосини юборди. Уларнинг калласида мурувват деган нарса бўлмайдики, орасидан қочиб ўзимни бир чеккага олсам. Балки, улар билан бирга беғамона яғмога дучор бўлганим тузукроқ бўлар. Балоларга ҳам улар билан ёр бўлсам!”
Хоразмнинг буюк фарзанди ўз она Ватанини душманлардан ҳимоя қила туриб ўлим топди. Нажмиддин Кубро 1221 йилда ўзи муаллимлик қилган хонақоҳга дафн этилди. Кейинчалик Олтин Ўрдага бўйсунувчи ўлка ҳукмдори Қутлуғ Темур томонидан XIV асрда Гурганж шаҳрида буюк олим, тасаввуф таълимотининг асосчиларидан бири, ватанпарвар шайх Нажмиддин Кубро номига мақбара тикланган. Ҳозирги вақтда Нажмиддин Кубронинг қабри Туркманистон Республикасининг Тошҳовуз вилояти, Кўҳна Урганч шаҳридадир.Шайх Нажмиддин Кубро инсоният тарихидаги энг эътиборли сиймолардан биридир, унинг номи Шарқда асрлардан буён ватанпарварлик тимсоли бўлиб келмоқда.