Нақшлар тилга кирганда

Нақшлар тилга кирганда

fpfvapvafyp.jpg 

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида таниқли ганчкор уста Юсуфжон Одиловнинг 75 ёшлик юбилейига бағишланган «Нақшлар тилга кирганда» номли шахсий ижодий кўргазма очилди.

Кўргазмада устанинг ганчкорликка оид 30 дан ортиқ ижод намунаси  ҳамда юртимиздаги бино ва иншоотларни безатишдаги иштироки акс этган кўплаб фотосуратлари намойиш этилмоқда.

Юсуфжон Одилов Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуд Усмоновга шогирдликка тушди. Устозидан ганчкорлик санъати сирларини қунт билан ўрганди ва биргаликда Тошкент метрополитени  бекатлари, “Баҳор” концерт зали, “Зарафшон” ресторанини безашда бевосита иштирок этди. 

Пойтахтимиздаги “Нозимахоним” масжиди, “Кўк гумбаз” мажмуаси, “Сайёр” ресторани, Самарқанд шаҳридаги Aл-Бухорий мажмуаси, “Самарқанд” ресторани, Бухоро шаҳридаги “Бухоро” меҳмонхонаси, Қарши шаҳридаги мусиқали драма театри, Термиз аэропорти, Жиззах шаҳар маданият саройи мажмуаларини безатишда Юсуфжон Одилов фаол иштирок этган. 

 

Уста нафақат юртимизда, балки чет давлатларда ҳам миллий рамзларимизни ярата олган. Жумладан, Москва шаҳрида “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Пензада “Тошкент” универсал савдо мажмуаси,  Воронеждаги “Нон” маҳсулотлари корхонаси, Сочидаги “Сочи” пансионатини безашда ганчкорлик санъати услублари ва нақшлардан кенг фойдаланган.