Нақшбандия тараққиётининг олтин силсиласи
Нақшбандия тараққиётининг олтин силсиласи

Сурхондарё вилояти Денов тумани Номозгоҳ маҳалласида Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи жойлашган. Хожа Алоуддин Аттор нафақат Сурхон воҳаси, балки Мовароуннаҳр маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган мутасаввуф олимдир.
Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Хожа Алоуддин Аттор, Хоразмда туғилган. Бухоро мадрасасида таълим олган. Талабалик вақтида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини пир тутиб, сулукига киради. Хожа Нақшбанд у кишига улуғ илтифот кўрсатиб, ўзига куёв қилади. Алоуддин Аттор бир умр Нақшбанд ҳазратлари билан бирга бўлиб, кўп кишиларни тарбия қилди, маънавий камолотга етказди.
Хожа Алоуддин Аттор ҳазратлари Ҳасан Аттор, Низомиддин Хомуш, Яъқуб Чархий, Ҳисомиддин Порсо, Мавлоно Абу Саид, Абдуллоҳ Имомий Исфаҳоний, Шайх Умар Мотуридий, Саййид Шариф Журжоний каби етук шайхларни етиштирган.
Хожа Алоуддин Аттор сағанаси XV асрга оид, бўлиб, аввал зиёратгоҳда фақат Валийнинг қабри ва ўғли, набирасининг қабри бўлган, кейинчалик бу жой катта қабристонга айланган.
2000 йил Денов тумани ҳокими ва маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қабр ёнига мақбара қурилган. 2019-2020 йилларда маҳаллий ҳомийлар томонидан эски мақбара бузиб ташланиб, қабр устига пишиқ ғиштдан квадрат шаклда усти гулоҳи гумбаз билан ёпилган ҳашаматли мақбара қурилган. Қабр мақбаранинг ертўла қисмига олиниб, тепасига рамзий қабр қўйилган. Мақбарага ганчкорлик усулида жуда чиройли безаклар берилган.