Мустақиллик байрами арафасида 163 та янги объект ишга туширилди

Мустақиллик байрами арафасида 163 та янги объект ишга туширилди

 

6768678678678678ngslraolrolrolrpolrpolrolrol.jpg

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Бу даврда иқтисодиётимиз ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошди. Иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилди, қарийб 6 миллион нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.

Бугун юртимизда дунёнинг етакчи компаниялари, йирик инвесторлари ва халқаро молия институтлари иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Инвестициялар кўпайиши билан саноатимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгармоқда.

– Биз хомашё экспорт қилган давлатдан уни чуқур қайта ишлаш занжири асосида тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтяпмиз. Энг муҳими, янги корхоналар билан бирга замонавий технологиялар, янги касблар ва юқори малакали иш ўринлари ҳам пайдо бўлмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилнинг ўзида 1,7 миллиард долларлик 56 та йирик замонавий саноат ва сервис объекти иш бошлади, 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилди.

Шунингдек, бюджетдан ажратилган 46 триллион сўм ҳисобидан 385 та мактаб, 113 та боғча, 81 та шифохона, 7,5 минг километр йўл, 3,2 минг километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилди, таъмирланди ва реконструкция қилинди.

Бугунги маросимда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди. Уларнинг очилиши Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.

Янги лойиҳалар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши таъминланади.