Мотуридий таълимоти ва ҳозирги замон

Мотуридий таълимоти ва ҳозирги замон

 

pvapryorvapraypr.jpg 

 

         Тошкентда “Мотуридий таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуида туркий давлатлар уламоларининг биринчи форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА. Ушбу анжуманда Туркий давлатлар мусулмонлари идоралари раҳбарлари, муфтийлар, туркий дунёнинг обрў-эътиборли уламолари ҳамда исломшунос тадқиқотчилар иштирок этди.

         Форумда қайд этилганидек, Ўзбекистон диёрида Ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар меросини ўрганиш масаласи дунё олимларининг эътиборида бўлиб келмоқда. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва илмий, диний- маърифий меросини чуқур тадқиқ этиш, уларни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, айниқса, ёш авлодда аждодларимиз билан фахрланиш туйғусини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ташкил этилган.

         Анжуманда ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний ва маънавий меросини ўрганиш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишлари ҳамда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динимизнинг илм-маърифат, поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоявий негизлари, замонавий кўринишлари, фаолият услубларини ўрганиб, уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асослари ишлаб чиқилаётгани ва амалиётга кенг жорий этилаётгани хусусида сўз борди.

         Кавказ мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Гамар хоним Жавадлининг таъкидлашича,   Марказий Осиёдаги lХ асрда илм-фан, маърифат, таълимга оид жараёнлар бу ҳудуднинг дунё тамаддунига бешик бўлишида, жаҳонда “Мусулмон Ренессанси” деб ном қозонишида асосий омилдир. Имом Мотуридийнинг шуҳрати баланд бўлсада, манбаларда унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам. Шунга қарамай, унинг таълимоти Ислом динининг маърифатпарвар ва эзгу ғояларини очиб бергани билан қадрлидир.

          Имом Мотуридий аҳли сунна вал жамоа ақидасини ақлий ва нақлий манҳаж асосида тартибга солди. У яшаган даврда мамлакатда турли адашган фирқалар сони кўпайиб кетгани манбалардан яхши маълум. Имом Мотуридий эса диннинг асл моҳиятини очиб бериб, соф ақидани сақлаб қолиш ва бидъату хурофотга қарши курашишда катта жонбозлик кўрсатган. Шунинг учун аллома “Имомул ҳуда” – ҳидоят имоми, “Мусаҳҳиҳу ақидати аҳлис-сунна” – Аҳли сунна ақидасини тўғриловчи, “Роису аҳлис сунна вал жамоа” – Аҳли сунна вал жамоа раиси, “Носириус сунна ва қомиул бидъа” – Суннат ҳимоячиси ва бидъат томирини кесувчи каби қатор унвонларга мушарраф бўлган.

         Имом Мотуридийнинг “Китобул жадал”, “Маъохизуш-шарийъа”, “Китобур-радди алал Мўътазила”,“Китобут тавҳид”, “Таъвийлоту аҳлис-сунна”каби нодир асарлари бор.  Тадбир иштирокчилари аллома меросини бугун ҳам чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан муҳим эканини алоҳида таъкидлашди.