“Мирзо Улуғбек ворислари”
“Мирзо Улуғбек ворислари”
Тошкент шаҳрида “Улуғбек” жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва қатор ҳокимликлар томонидан ташкил этилган “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови республика босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Танлов илмли ёшларни кашф этишда давом этади. Ўтган йиллари унда қатнашиш истагидаги ёшлар сони 20 минг нафар бўлса, жорий йил 47 мингга етди.
Якуний босқичда 16-25 ёш оралиғидаги 280 нафар (261 талаба, 19 нафар мактаб ўқувчиси) йигит–қизлар робототехника, дастурлаш, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект ва бошқа йўналишларда инновацион ишланмалари билан қатнашяпти. Улардан 100 нафари ғолиб бўлади.
Республика босқичига етиб келган ҳамма ёшлар имтиҳонларсиз Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига талабалар сафига қўшилади. Ғолиб бўлганлар эса тўғридан тўғри иккинчи босқичга қабул қилиниши мўлжалланмоқда.
Танловнинг 1, 2 ва 3-босқичлари ғолиблари БҲМнинг 5, 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ва диплом билан тақдирланади. Республика босқичи ғолиблари “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган ўқув курсларида бепул таҳсил олади.