Миллий қадриятлар улуғланган шодиёна
Миллий қадриятлар улуғланган шодиёна
Бойсун туманида 1-7 май кунлари ўтказилган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Анъанавий фестиваль дунё халқларининг очиқ осмон остидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, санъат ва қадриятлар байрамига айланди.
Бу йил еттинчи марта ташкил этилган фестиваль учун мафтункор туманнинг Бибиширин маҳалласида замонавий туристик маскан қурилиб, беш қаватли, тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, ҳудудлар қўрғонлари учун жой, этноспорт майдончалари ва бошқа инфратузилма иншоотлари бунёд этилди. Қадимий ўтов уйлар тикилиб, Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, муассасаларининг 20 дан ортиқ қўрғони тикланди.
Байрам доирасида халқаро илмий-амалий конференция, миллий созлар ва миллий либослар, таомлар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дроншоулар, этноспорт беллашувлари, шунингдек, улоқ-кўпкари, кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, хўроз уриштириш, варрак сайли каби турли халқ ўйинлари, 20 та тандирда “Тандир фест” (Сурхонча тандир гўшт) ва “Ҳаво шарлари” фестиваллари ўтказилди.

Бойсунлик ҳунармандларнинг узунлиги 31, эни 5 метрли сўзанаси, узунлиги 25 ва эни 5,2 метрли гилами, айланаси 9 метрли бойсунча ноёб дўпписи ҳам фестиваль томошабинларида катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимизда илк марта Бойсунда бир йўла уч кун 20 та ҳаво шари учирилиб, меҳмону мезбонларнинг тоғлар бағридаги мафтункор гўшани томоша қилишига қулай шароит яратилди.
Миллий қадриятлар улуғланган шодиёнанинг халқаро кўрик-танловида Бразилия, Беларусь, Белгия, Буюк Британия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Португалия, Россия, Руминия, Тайланд, Тожикистон, Ҳиндистон, Эрон каби 16 давлатдан 81 нафар, мамлакатимиздан 130 нафар фольклор жамоаси ва яккахон санъаткорлар ўз маҳоратини намойиш этди.
Очиқ осмон остидаги нафис байрамга келган хорижлик меҳмонлар мамлакатимизда бой номоддий маданий меросимизни янада чуқур ўрганиб, ёш авлод қалбига сингдиришга, ёшларни теран илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътиборга муносиб баҳо берди.
