“Миллий қадриятлар” фестивали
“Миллий қадриятлар” фестивали
Марғилон шаҳрида “Миллий қадриятлар” фестивали бўлиб ўтди. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган байрамона тадбирда уюшмаган ёшлар, умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблари, техникумлар ўқувчилари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Фестиваль доирасида иқтидорли ёшларнинг чиқишлари, миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, миллий ош танлови, миллий либослар намойиши ўтказилди. Ўзбекона лутф ва миллий куй-қўшиқлар жаранги, оқ яктак, чорси ва дўппи кийган шашти баланд йигитлар ҳамда эгнига атласу адрасдан гўзал либослар илган, қарашлари ҳаё-ибога лиммо-лим моҳитоб қизлар кулгиси байрамга ўзгача тароват бахш этди.
Ёшлар томонидан тикилган бежирим либослар, сочлари қирқкокил қўғирчоқлару келинчаклар уйини безовчи сўзаналар, марғилон нусха дўппилар кўргазмаси, қўғирчоқбозларнинг чиқишлари, миллий чолғуларда ижро этилган куйлар, карнай-сурнай наволари барчага хуш ёқди. Тадбир якунида эса танловлар ғолиблари муносиб тақдирланди. Уларга ҳам миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари жамланмаси тақдим қилинди.

