Миллат байроғи
Миллат байроғи

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Миллат байроғи – она Ватан тимсоли, ота юрт рамзидир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳамкорлигида рекорд даражадаги 100 метрлик давлат байроғи юртимиз бўйлаб кезиб, барчага ғурур-ифтихор бағишлади.
Хоразмдан Тошкент томон йўлга чиққан байроғимиз жасур ҳарбийлар, шижоатли ёшлар, ватанпарвар юртдошларимиз томонидан дастлаб Ичан-қалъадан йўлга тушиб, Бухоронинг Арк қалъасидан олиб ўтилиб, Самарқанд орқали 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куни пойтахтимизга етказиб келинди.
Бу ўзига хос лойиҳа – юртдошларимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида она юртга, давлат рамзларига, хусусан, байроғимизга нисбатан ҳурмат ва дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилади. Юртдошларимизда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришда, миллатнинг ўтмиши, бугуни ва эртасидан фахрланиш ҳиссини уйғотишда алоҳида аҳамият касб этади.