Мазмун ва шакл уйғунлашадиган экспозиция
Мазмун ва шакл уйғунлашадиган экспозиция
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида XVI–XIX асрларга оид тарихий воқеаларни илмий, визуал ва технологик ёндашувда намоён этиш бўйича амалий ишлар жадал суръатда давом этмоқда.
Муҳокамалар давомида Туркистон минтақасидаги бешта асосий сулола – Шайбонийлар, Аштархонийлар, Манғитлар, Қўнғиротлар ва Минглар фаолияти, уларнинг таълим, илм-фан, санъат ва меъморлик соҳаларидаги ютуқлари тўлиқ ёритилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Аштархонийлар давридаги маънавий ҳаётни теран акс эттириш учун Нодир Девонбегининг мадрасаси архитектураси, хусусан пештоқи, экспозицияда визуал рамз сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Шу билан бирга, ушбу даврга оид вақфномалар, эпиграфик ёзувлар, замона алломалари ва ислоҳотчилари ҳақидаги маълумотлар ҳам чуқур таҳлил асосида жамоатчиликка тақдим этилади.
Музей экспозициясининг марказий ғояси — Мирзо Улуғбекнинг илм-фан ютуқлари асосида Иккинчи Ренессанс даврини жонли ва технологик визуаллаштиришдир. Томошабин коинот муҳитига “кириб”, юлдузлар ҳаракати, сайёралар ва Улуғбек устурлоби орқали ўлчашлар жараёнини аудио-визуал таъсирда ҳис этади.
Шу билан бирга, экспозицияда тарихий меъморлик намуналари, қурилиш анъаналари ва маънавий муҳит ҳам юқори реализм билан қайта жонланади.