Маърифатпарвар аждодлар ҳаёти ва фаолияти келажак авлод учун ибрат мактаби

Маърифатпарвар аждодлар ҳаёти ва фаолияти келажак авлод учун ибрат мактаби

20240816124454.jpeg

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлда қабул қилинган “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори тарихий ҳужжат бўлди.

       Кейинги тўрт йил давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланди. Ота-боболаримизнинг номларини оқлаш билан бирга, жойларда, олис қишлоқларда, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда хотира бурчакларини очишга киришилди.

     Истиқлолимиз, халқимиз озодлиги учун курашиб, шу йўлда жонини фидо этган, сиёсий қатағон қурбонлари бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолияти атрофлича ўрганилмоқда.

      Маърифатпарварлар – Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий... Улар кабилар унутилмайди, уларнинг ҳаёти ва фаолияти келажак авлодга ибрат бўлади. Кейинги йилларда уларнинг хотирасига бағишлаб музейлар, муаззам ҳайкаллар яратилди. Ижод мактаблари бунёд этилди. Жойларда Қатағон қурбонлари музейининг бўлимлари очилгани ҳам шу хайрли ишларнинг бир қисми. Эътибор берсак, қатағон қурбонларига бағишланган қанчадан-қанча асарлар, фильмлар яратилаётир.

      Бой ва қадимий тарихимизга янги нигоҳ билан қараш, унинг очилмаган саҳифаларини ўрганиш, бузиб талқин қилинган жойларни холис ва илмий тадқиқ этишга киришилгани қувонарли. Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида қабул қилинган ушбу қарор халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.